avatar
Куч
0.43
Рейтинг
+0.17

Мақолалар

Globallashuv jarayonida yoshlarning ijtimoiylashuv masalalari

Andijon qishloq xo'jalik instituti
Илм-фан
          Bir xalq madaniyatining rivojlanib, sayqallanib, turli chig’iriqlardan o’tib ayni davr holatiga yetib kelishi uchun yillar, asrlar, mingyilliklar kerak bo’ladi. Shu tufayli, har bir millat odamlari o’zining boshqa millat vakillaridan ajralib turadigan jihatlariga ega bo’ladilar. Ba’zi xalq vakillari uchun normal holatdek tuyuladigan hatti-harakatlar bizning mentalitetimizga umuman mos kelmasligi mumkin. Aksincha, biz doimiy qiladigan ba’zi yumushlar ular tomonidan g’alati va noodatiy narsadek qabul qilinishi ehtimoldan holi emas. Ammo, hozirgi globallashuv asrida sotsial, ya’ni ijtimoiy masalalar dolzarb tus olmoqdaki, bu haqda fikr yuritib o’tmaslikning iloji yo’q.
          Internet deya atalmish global tarmoqning deyarli har bir xonadonga kirib kelishi, odamlarning u orqali istagan ma’lumotlarini topish imkoniyatini tug’dirib berdi. Dunyo “o’rgimchak to’ri” esa o’z navbatida o’zida butun dunyoni mujassam etadi. Ayni shu holatdan boshlab globallashuv jarayoni juda tez suratda kecha boshladi. Dunyoning u chetidan bu chetiga bir ma’lumotning yetib borishi uchun kiprik qoqishga ketadigan vaqtdan ham kamroq muddat talab qilinishi haqida esa gapirib o’tirishning hojati yo’q. Biroq ushbu maqola orqali ko’tarilmoqchi bo’lgan masala internetning salobati to’g’risida emas. Balki uning ta’sirida yoshlarning ijtimoiy hayotda o’ynayotgan roli borasidadir.

Таълимга эътибор – келажакка эътибор.

Таълим ва тараққиёт
Илм-фан
          Юртимизда яшаётган аҳолининг 60 фоизидан оритқроғини ёшлар ташкил этади. Юртбошимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги қилган маърузасида айтиб ўтганидек, мамлакатимиз аҳолиси мустақиллик даврида 1,5 баробар кўпайиб, 2015-йил бошида қарийб 31,5 миллионни ташкил этди. Шунинг учдан икки қисми 20 миллион атрофида бўлади ва бу рақам юртимиз ёшлари қанчалигининг ифодасидир. Эътибор беринг, ёшларимизнинг ўзини алоҳида бир давлат фуқаролари дея ҳисоблайдиган бўлганимизда, бу давлат аҳолиси Финляндия, Норвегия, Дания умумий аҳолисидан 4 баробар; Швейцария, Австрия, Швеция, Греция, Португалия давлатлари умумий аҳолисидан эса 2 баробар кўп бўлган бўларди. Мақола бошида бундай статистик маълумот ва муқоясаларни келтириб ўтишимдан мақсад, ўқувчининг ушбу мақолани ўқиётиб, мавзунинг моҳияти қанчалик долзарб эканлигини англаши ва бунга бефарқ қарамаслик кераклигини ҳис қилишига эришишдир. Хўп, ана энди, аксарият ёшларимиз турган гапки, олий маълумотли, ўқимишли бўлишни хоҳлашади ва мана шу жойда миқдор борасида кетаётган гапга сифат борасида ҳам ёндашув келиб қўшилади. Ушбу мақола айнан юртимиз ёшларининг таълим муассасаларида олаётган билимлари ва уларнинг ҳаётга татбиғи борасида каминанинг субъектив фикрлари асосида ёзилган.
          2014-йилда 57 та олий таълим муассасасининг (шунингдек, уларнинг 11 та филиали, 2 та факултети, 1 та бўлимида) кундузги ва махсус сиртқи бўлимларига тушган аризалар сони 543,1 мингдан зиёд бўлиб, бир ўринга ўртача танлов 9,4 кишини ташкил этди. 2012-йилда ўртача танлов 7,6 кишини, 2013-йилда эса бу кўрсаткич 8,5 кишини ташкил этган. Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат тест марказидан олинган. Изоҳга эса ҳожат йўқ. Йилдан-йилга олий ўқув муассасаларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшлар сони тадрижий равишда ўсиб бормоқда. Бундан буёғига бу кўрсаткич ҳеч ҳам пасаймаслиги турган гап. Ана энди савол: шунчалик кучли рақобатни енгиб ўтиб ўқишга кирган ва талабалик мақомини олган талабаларимизнинг барчаси ушбу номни оқлаяптимикин? Уларнинг барчаси юзага келган вазиятни чинакамига ҳис қилиб, танлаган мутахассисликлари бўйича интенсив равишда таҳсил олиб, қўшимчасига мустақил изланган ҳолда билим олмоқдаларми? Изланувчан ёшлар талабини олий ўқув муассасалари педагоглари лаббай деб қарши олишга ҳар доим ҳам тайёрми?
          Президентимиз ташаббуси билан 1997-йил 29-августда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қолиплардан тўла ҳалос этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг ривожланган демократик давлатлар даражасидаги, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида бу дастур бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилди ва ҳозирда ушбу дастур янада такомиллаштирилиб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Ўзим ҳам талаба бўлганим учун бемалол олий ўқув юртларида бу дастурдаги талабларга тўла жавоб берувчи, ўз фани бўйича чинакам мутахассис устоз ва мураббийлар етарлича дея айта оламан. Муаммо фақатгина талабаларда бўлиши мумкин. Чунки, педагог талаба учун дарс ўтади ва агарда аксарият талабаларнинг билим олишлари суст бўлса, дарс ўтиш савияси ҳам тушиб кетади. Дарсдан-дарсга прогрессия кузатилмайди. Хўш, юртимизда таълим олиш учун шунча имкониятлар яратилиб, талабалар учун барча шароитлар муҳайё қилинаётган бир пайтда, фанларни яхши ўзлаштира олмайдиган талабалар қаердан пайдо бўлмоқда?
          Шахсий кузатишларим натижасида бундай талабаларнинг пайдо бўлишига уч хил асосий омил сабабчи деб ҳисоблаб, қуйида ушбу ҳолатларга қисқароқ равишда тўхталиб ўтишни, қўпол қилиб айтганда, ўзимга эп кўрдим.
          Биринчиси, баъзи талабалар ўзлари танлаган соҳаларига умуман қизиқмайдилар. Бу ҳолат анчайин мураккаб бўлиб, муаммонинг туб илдизи уларнинг ўқишга топширишлари пайтига бориб тақалади. Ҳозирги кунда абитуриентлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани туфайли, ўқишга кириш баллари ҳам борган сари юқорилаб бормоқда. Бундай ҳолатда ўртамиёна билимга эга ўқишга кириш истагида юрган ёшлар кириш бали нисбатан паст бўлган факултет ва йўналишларни қидириб қолишади. Тўғри, рақобат кучли бир замонда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилиниши мумкин. Бироқ, ўзингиз ўйлаб кўринг, уммон бўйлаб кемада саёҳат қилишни жуда хоҳлаган инсон дуч келган кемага чиқиб олиб, чиқадиган кемасининг охирги манзили қайер бўлиши билан қизиқиб ҳам ўтирмасдан, “менга фарқи йўқ, кемада уммон бўйлаб сузиш қандай бўлшини кўрсам бўлди”, қабилида фикрлаши мантиққа тўғри келадими?
          Иккинчиси, баъзи талабалар иқтисодни биринчи ўринга қўйиб, билим олишга нисбатан камроқ эътиборда бўлишади. Натижада, дарсларни ўтказиб юборишлик, бошқа талабалардан ўзлаштириш борасида ортда қолиб кетишлик каби ҳолатлар кузатилади. Албатта, бозор иқтисодиёти шароитида ишламаган ва иш билмаган одам ютқазаверади. Бу табиий ҳол. Аммо, талаба бир вақтнинг ўзида икки қуённинг ортидан югуриб, оқибатда ҳеч вақосиз қолиши эҳтимоли бор. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши ва иложи борича, ўқийдиган одам ўқиши, ишлайдиган одам ишлаши лозим. Талабанинг ўқишга бир амаллаб кириб олиб, бошқа ишлар билан банд бўлишидан ҳеч қандай наф йўқ. У бу иши орқали қайсидир билимга чанқоқ талабанинг таҳсил олишига тўсқинлик қилган бўлади, холос. Жисмларни катталаштириб кўрсатувчи линзани қуёш нури остида бир нуқтага йўналтириб турилаверса, ўша нуқтада қанчадир муддат ўтгач олов ҳосил бўлади. Ҳудди шу каби – инсон фақат бир соҳага бутун эътиборини қаратган тақдирдагина ўша соҳа бўйича аҳамиятга молик ишларни амалга ошира олади.
          Учинчиси, жуда кенг тарқалган ҳолат бўлиб, талаба психологияси билан бевосита боғлиқдир. Бу талабанинг атрофида барча шароитлар мавжуд бўла туриб дангасалик қилиши, вақтидан унумли фойдаланмаслиги, топширилган вазифаларни ўз вақтида бажармаслиги, интизомсизлиги, интилиб-изланмаслигида намоён бўлади. Бундай талабалар “бир нарса қилиб юриб ўқишни тамомлаб оламан”, деган ўйда умрларини ҳазон қиладилар. Айни ўқийдиган, мия фаоллиги юқори даражада бўлган даврда интенсив равишда илм олиш мумкин бўлган ҳолатдан унумли фойдаланиб қолмайдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) : “Хитойга бориб бўлса ҳам илм ўрган”, деганлари саҳиҳ ҳадисларда келтирилган. Шундай экан, бу талабанинг ўқимаётганини ҳеч нарса ёрдамида оқлаб бўлмайди. Бу ерда муаммо унга ҳар кунлик мотивация, яъни олдинга интилишга ундовчи кучнинг етишмаслигидадир. Уларга ортиқча босим оғирлик қилиши ва аксинча, ҳаддан зиёд енгиллик уларни янада пассивлаштириб қўйиши мумкин. Бу вазиятда махсус педагогик методларнинг ишлаб чиқилиши аҳамиятли ҳисобланади.
          Мамлакатнинг янада ривож топиши унинг таълим соҳасига чамбарчас боғлиқдир. Бу ерда ошиқча оғиз кўпиртириб гапириладиган гапнинг ўзи йўқ. Бу аниқ ва равшан. Буни асосийси, биз, ёшлар ўзларимиз англаб етишимиз лозим. Биз астойдил “енг шимариб” меҳнат қилмасак, бизга четдан биров келиб, қилиниши керак бўлган ишларни бажариб бермайди. Бунинг учун, янгича фикрлаш, инновацион ғояларни тарғиб қилиш лозим. Таълим борасида чет элдаги ривожланган мамлакатларнинг таълим тизимидаги ютуқлардан андоза олиш лозим. Шу ўринда Финляндия, Австралия, Жанубий Корея, Германия, Исроил, АҚШ, Япония каби мамлакатларнинг таълим тизимини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Ушбу давлатларда ўқиётган ёшлар ҳам, оддий бизга ўхшаган одамлар. Бизнинг талабаларнинг савияси нега ўшаларнинг даражасида бўлмаслиги керак экан? Бунга ҳеч қандай нарса тўсқинлик қилаётгани йўқ-ку. Мен таклиф қилмоқчи бўлган ишлар орасида талабаларнинг бир-бирлари билан эркин фикр ва ғоялар алмашиш жараёни биринчи ўринда туради. Айтмоқчиманки, турли дискуссион клублар ташкил қилинса ва бу клубларда талабаларнинг эркин равишда ўз фикр ва ғоялари ўртада таҳлил ва синтез қилинса, бу уларнинг ўзларининг дунёқарашларининг кенгайишишига олиб келиши аниқ. Яъни, талаба устознинг барча айтганини тўғри деб қабул қилиб, унга амал қилмаслиги мумкин, бироқ бу унинг тенгдоши томонидан амалга оширилса, ташаббус унинг дўстлари томонидан билдирилса, бутунлай бўлакча ҳолат юзага келади. Унинг ўзида ҳам соҳага қизиқиш ва интилиш пайдо бўлади. Биргаликда ғоялар шакллантирилиб, ижтимоий ҳаётда яхши томонга ўзгариш бўлиши кафолатланади.
          Ушбу мақола сўнгида нега бу мавзуга жон куйиктириб ёндашаётганлигимни яна бир бор тушунтириб ўтмоқчиман. Юртимиз аҳолисининг асосий қисми ёшлардан иборат. Уларнинг ҳозир олган билимлари яқин ўттиз-қирқ йил ичида ҳаётга татбиқ қилинади. Агар талабаларнинг билим олишлари савиясига ҳозирдан жиддий ёндашмасак, кейинчалик юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш учун яна бир авлоднинг алмашишини кутишга тўғри келади. Пойдевори мустаҳкам уйни хоҳлаганча баланд қилиб қуриш мумкин. Буни эса нафақат талабалар, балки барча ёшлар тушуниб етишлари зарур. 
 
Андижон қишлоқ ҳўжалиги институти талабаси
Эркинбоев Муҳаммадсарвар